Tesla раҳбари Илон Маск Хитойдан коронавирус билан оғир касалланганларни даволашда керак бўладиган 1255 дона сунъий нафас олдириш аппаратларини сотиб олди. Тиббиёт қурилмалари Калифорния расмийларига топширилган, улар эса ўз навбатида аппаратларни маҳаллий шифохоналарга тарқатади, деб хабар берди Motor.

Фото: Reuters

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Маскнинг ушбу ҳаракатини «қаҳрамонлик» деб атаган. Илон Маск ўзининг Twitter’даги саҳифасига Хитойда ишлаб чиқарилган сунъий нафас олдириш аппаратлари Лос-Анжелесга олиб келинганини ёзиб қолдирган. Ушбу қурилмалардан ўткир пневмония ва коронавирус билан касалланган инсоннинг аҳволи оғирлашиб қолганида фойдаланилади.

Аввалроқ Tesla раҳбари коронавирус у қадар қўрқинчли эмаслигини ва пандемия атрофидаги ваҳимани «аҳмоқлик» деб атаганди. Шунингдек, у америкаликларнинг автоҳалокат оқибатида вафот этиши эҳтимоли коронавирусдан ўлишдан юқорироқ эканини таъкидлаган.