Йирик технологик компаниялар ва уларнинг асосчилари янги турдаги COVID-19 коронавирус пандемияси тарқалган бир вақтда четда тургани йўқ. Бутун дунё бўйлаб 350 мингдан ортиқ касалликни юқтириб олган, 100 мингга яқин бемор даволанган, бироқ 15 мингдан ортиғи вафот этган. IT-саноатининг етакчилари тиббиёт ходимлари ва коронавирусдан жабр кўрганларга ўз ёрдамини таклиф этмоқда, деб хабар беради TJournal.

Microsoft асосчисидан 100 миллион доллар

Фото: The Washington Post

Хайрия ишлари билан шуғулланиш мақсадида яқиндагина директорлар кенгашидан кетган Microsoft асосчиси Билл Гейтс февраль ойида Хитойда коронавирусга қарши курашиш учун 100 миллион доллар ажратган эди. Ушбу пуллар Гейтс хайрия фонди ва унинг турмуш ўртоғи Мелиндага тегишли.

«Мазкур пуллар касалларни аниқлаш, уларни изоляциялаш ва даволаш, хавфли ҳудудда жойлашган аҳолини ҳимоя қилиш ҳамда вакцина, даволаш усуллари ва ташхислар йўналишини ривожлантиришга ёрдам беради», — дейилади фонд баёнотида. Хитой раиси Си Цзиньпин ушбу ёрдами учун Гейтсга миннатдорчилик мактубини юборган.

Amazon’га ишга жойлашиш бўйича ёрдам

Фото: Getty Images

Amazon асосчиси ва раҳбари Жефф Безос компания 100 минг нафар янги ходимларни ишга ёллаб, соатбай тўланадиган иш ҳақини кўтаришини маълум қилган. Пандемиядан азият чекаётган бошқа бизнеслардан фарқли ўлароқ Amazon’да курьерлар ишига бўлган талаб ошган.

Безос ишсиз қолган ресторан ва бар ходимларини Amazon’га ишга кириш учун ариза топширишга чақирган. «Умид қиламизки, ишдан бўшатилган ходимлар ўз жойини топиб олгунича биз билан ишлаб туради», — дейди Безос.

Facebook ниқоблар харид қилиб, ЖССТга ёрдам бермоқда

Фото: Getty Images

Facebook Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус ҳақидаги маълумотларини бепул жойлаштириб, тарғибот қилмоқда. Шунингдек, компания вазият бўйича сўнгги хабарларни WhatsApp орқали минтақаларга етказиб туриш йўлида турли давлатлар ҳукумати билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўйган.

«Биз миллий соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, ЖССТ, ЮНИСЕФ ва Касалликлар профилактикаси ва назорат қилиш маркази каби ташкилотлар билан коронавирус ҳақида аниқ ҳамда тезкор маълумотларни тарқатишда ҳамкорликда ишлаяпмиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига коронавирус ҳақида қанча керак бўлса, шунча эълонларни бепул тарқатишга ёрдам қиляпмиз», — дейди Цукерберг.

Ижтимоий тармоқда COVID-19 ҳақида жойлаштирилган ёлғон маълумотлар ва вазиятдан фойдаланиб ўз манфаати йўлида эълон бераётган компанияларнинг материаллари ўчирилмоқда. Бундан ташқари, компания тиббиёт ходимларига Калифорниядаги ёнғинлар вақтида 720 минг дона ва «миллионлаб» янги ниқобларни хайрия қилади.

Илон Маск ўпкага сунъий нафас олдириш аппаратларини ишлаб чиқаришга тайёр

Фото: Getty Images

Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск ўз заводларини ёпгани йўқ ва ваҳима коронавирусдан ҳам хавфлироқ деб ҳисобламоқда. Бироқ у ўпкага сунъий нафас олдириш аппаратларига эга шифохоналарда тақчиллик юзага келса ёрдам беришга ваъда қилган. Маскнинг таъкидлашича, аппаратларни Tesla ва SpaceX технологиялари асосида яратиш мумкин, бироқ ишлаб чиқаришни «бир зумда» ҳал қилиб бўлмайди.

Юзлаб фойдаланувчилар Маскдан аппаратларни ишлаб чиқаришни ҳозирда сўрай бошлаган, чунки шифохоналарда етишмовчилик мавжуд.

Apple’дан миллионлаб тиббиёт ниқоблари ва маблағлар хайрияси

Фото: Getty Images

Apple раҳбари Тим Кукнинг маълум қилишича, корпорация АҚШ ва Европадаги шифокорларга «миллионлаб ниқобларни» совға қилади. Apple бутун дунё бўйлаб коронавирус оқибатида касалланганларни даволашга 15 миллион доллар ажратган. Шунингдек, компания пандемия эпимарказига айланган Италия учун «каттагина» хайрия жўнатади. Apple ходимларига уйдан туриб ишлашга рухсат берган.