Кеча, 23 март куни, Uzbekistan Airways Жакарта—Бухоро йўналиши бўйича чартер қатновини амалга оширди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

Самолётда 54 нафар йўловчи олиб келинган. Уларнинг 28 нафари эркак, 26 нафари аёлдир. Ушбу қатнов билан келган барча йўловчилар «Жўйизар» соғломлаштириш масканида икки ҳафталик карантинга жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус пайдо бўлиши муносабати билан жорий этилган карантин чоралари доирасида Uzbekistan Airways авиакомпанияси 16 мартдан халқаро йўналишлар бўйича барча қатновларни бекор қилган эди. Ҳозирда хориждаги фуқаролар чартер рейслар орқали мамлакатга олиб келинмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 253 нафар фуқароси чартер рейс орқали Новосибирскдан олиб келингани, Сеулдан чартер рейс орқали олиб келинган 196 нафар ўзбекистонлик Намангандаги «Чортоқ» санаторийсига жойлаштирилгани, Мудофаа вазирлиги карантинга олинган ҳудудларда назоратни кучайтиргани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Uzbekistan Airways экипажи ноқулай эпидемиологик ҳолатдаги мамлакатлардан қайтганидан сўнг, карантинда бўлиши сабабли хорижий фуқароларни Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича чартер рейсларни ташкил этиш 3 кунга қолдирилгани маълум қилинганди.