Наманган ва Андижон вилоятларида ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан коронавирус касаллигини тарқалишини олдини олиш борасида қўшни вилоятлар билан чегарадош ҳудудларда карантин постлари ташкил этилди.
Хусусан, Андижон вилоятининг қўшни Фарғона ва Наманган вилоятлари билан чегарадош ҳудудларида 7 та карантин постлари ташкил этилди.
Ушбу постларда вилоят ҳудудига кириб келаётган барча турдаги транспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари ҳамда йўловчилари билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, транспорт воситалари дезинфекциядан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ҳайдовчи ва йўловчиларга хавфли вирус тарқалишини олдини олиш мақсадида ниқоблар тарқатилмоқда.
Шунингдек, Наманган шаҳар марказига олиб кирувчи жами 8 та — «Ангор», «Ахсикент», «Оромгоҳ», «Гўзал», «Курашхона», «Тахтакўприк», «Эшовот» ва «Ғирвон» карантин постлари ташкил этилди.
Таъкидланишича, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ, ЖЦБ ва ППХБ ходимлари, «Дарётранс» вакиллари, Миллий гвардия хизматчилари, ФВБ ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда хизмат ташкил этилиб, COVID-19 коронавирус инфекциясининг олдини олиш, вирусга қарши кескин чоралар кўриш, шахсий гигиена талабларига сўзсиз риоя этиш ва бартараф этиш бўйича транспорт воситаларини дезинфекциялаш ва тушунтириш чора-тадбирлари кучайтирилган.
Мавзуга доир: Хоразм ва Қашқадарёда ҳам жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилади. Наманганда эса Damas’лар ҳаракати чекланди
Аввалроқ Қамчиқ довонида транспортлар ҳаракати тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинган, шунингдек, 22 мартдан Тошкент шаҳри ҳудудида барча жамоат транспорти — автобус, метро ва йўналишли таксилар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.