Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 50 нафарни ташкил этмоқда. «Ушбу инфекция хорижда бўлиб қайтган бемор билан мулоқотда бўлган яна бир фуқарода аниқланган», – дейилади вазирлик ахборотида.

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 49 нафарга етгани, инфекция Россияда бўлиб қайтган икки фуқаро ва Туркияда бўлиб қайтган беморнинг турмуш ўртоғида аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов 24 март куни АОКАда ташкил этилган штабда ўтказилган брифинг чоғида Ўзбекистонда коронавирусга чалингани қайд этилган биринчи бемор Франциядан қайтгач уйида 35 кишилик байрам уюштиргани ҳамда  касалликнинг тарқалиш занжирини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 24 мартдан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди, деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.