Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беш нафар бемор мазкур касалликдан деярли тузалди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Бош санитария врачи Баҳром Алматов 24 март куни АОКАда ташкил этилган брифинг чоғида маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Баҳром Алматовнинг хабар беришича, коронавирус касалига учраган беморларда ижобий ўзгаришлар бор. Ушбу касалликка чалинган беш нафар беморда касаллик белгилари йўқолган, улар ўзини яхши ҳис қилмоқда. Уларда яна иккита текширув ўтказилади. Шундан сўнг, улар эҳтиёт шарт сифатида яна 14 кун карантинга қўйилади ва ундан кейин уйига жавоб берилади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қайд этилган биринчи бемор — 11 март куни Париждан қайтган аёл мазкур сафардан кейин уйида байрам қилган. Аёл мазкур тадбирга 35 кишини таклиф этган. Мазкур 35 кишининг 13 нафарида бугунги кунда касаллик қайд этилган.

Шунингдек, аёл самолётда у билан бирга учиб келган йўловчилар билан мулоқотда бўлган. Аёл оила аъзоларига ҳам мазкур вирусни юқтирган. Шунингдек, мазкур аёл сафардан кейин ўз иш жойига, яъни хусусий клиникасига бориб, у ерда 80 нафар ҳамкасби ҳамда 42 нафар бемор билан мулоқотда бўлган.

Баҳром Алматовнинг қайд этишича, мазкур занжир давом этган. Яъни мазкур аёл билан мулоқотда бўлган кишилар, ўз навбатида, бошқа кишилар билан мулоқотда бўлган. Шу сабабли, касалликнинг тарқалиши геометрик прогрессия шаклида давом этиши мумкин. Бироқ аёлда касаллик аниқланганидан сўнг, унинг хонадони иш жойида ўрганиш ишлари олиб борилиб, касаллик юқиши мумкин бўлганларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 49 нафарга етди. 24 мартдан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди, деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.