Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Фарғона вилоятини Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғловчи Қамчиқ довонида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзавтойўл» ДАК

Фақатгина Фарғона вилоятидан бошқа вилоятларда доимий рўйхатда турувчи фуқароларга яшаш манзилларига етиб олишларига имкон берилади.

«Фуқаролардан ушбу чекловларни тўғри қабул қилишларини, олиб борилаётган тадбирлар ва белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш орқали хавфли вируснинг республикамизда тарқалишини олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз!» — дейилади хабарда.

Аввалроқ водийликлар республиканинг бошқа вилоятларига Бўка—Гулистон йўли орқали бориши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Республика махсус комиссияси кўрсатмасига кўра, Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинган, шунингдек, 22 мартдан Тошкент шаҳри ҳудудида барча жамоат транспорти — автобус, метро ва йўналишли таксилар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.