Бир ҳафта муддатда санаторий ва бошқа соғломлаштириш масканлари, меҳмонхоналар негизида Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида сўз боради.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Бундан ташқари, қисқа муддатда карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус карантин объектлари қурилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 10 кун муддатда республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш даражасини таҳлил қилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган шартнома асосида нодавлат тиббиёт ташкилотларида ушбу инфекция билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.

Бош вазир бошчилидигидаги Коронавирусга қарши махсус республика комиссиясига кучайтирилган режимда аҳолига зарур дори-дармонлар, ниқоблар ва бошқа тиббий буюмларни белгиланган нархларда узлуксиз етказиб берилишини назорат қилиш вазифаси юкланди.

Шунингдек, комиссия карантин режимини жорий этиш ва айрим аҳоли пунктлари ва ҳудудларида карантин тадбирларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб, уй шароитида карантинга жойлаштирилган шахслар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий ва тизимли назорат ўрнатиш ҳамда карантин ўташ даврида ушбу шахсларни биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмлар билан таъминлаш чораларини кўриш топширилди.

Аввал ИИВ вилоятлараро постлар фаолияти вақтинча қайта тикланишини маълум қилгани, водийликлар республиканинг бошқа вилоятларига Бўка—Гулистон йўли орқали боришлари мумкинлиги, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилиши, Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлардан мобил телефонлар олиб қўйилиши, шунингдек, карантин шароитида интернет ва телефон алоқаси учун тўловлар кечикса ҳам тармоқдан узиб қўйилмаслиги ҳақида хабарлар берилган.