Ўзбекистонда хорижга сафар қилмаган ва вирус юқтириб олганлар билан мулоқотда бўлмаган 20 ёшли қизда ҳам коронавирус аниқланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Давлат бош санитар шифокори касалланган беморлар ичида хорижда бўлиб қайтмаган, хорижда бўлиб қайтган шахслар билан мулоқотда бўлмаган ҳолатда вирусни юқтириб олган 20 ёшли қиз борлигини айтиб ўтган.

Баҳром Алматовнинг сўзларига кўра, қиз хорижга чиқмаган, беморлар билан алоқада бўлмаган. Бироқ у билиб-билмаган ҳолатда жамоат транспортида ёки иш жараёнида умумий фойдаланиладиган буюмлар орқали касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, мазкур беморнинг оиласидагилар ҳам текширувдан ўтказилган, уларда касаллик аниқланмаган. Баҳром Алматов бу ҳолат ҳаммани ҳушёрликка чақиришини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Баҳром Алматов коронавирусга чалинган беморларнинг беш нафари деярли тузалганини маълум қилди. Улар яна икки марта текширувдан ўтказилади ва 14 кунлик карантиндан сўнг уйига жавоб берилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, коронавирус инфекцияси билан касалланганлардан 19 нафари эркак, 30 нафари хотин-қиз, шунингдек, 4 нафари вояга етмаган болалар. Касалланганлар ёш кесимида: 0-9 ёшгача — 4 нафар, 10-19 ёшгача — 1 нафар, 20-40 ёшгача — 27 нафар, 40-50 ёшгача — 7 нафар ҳамда 50-59 ёшгача — 4 нафар, 60-70 ёшгача бўлганлар эса 6 нафарни ташкил этмоқда. Беморлардан 11 нафари ўрта оғирликда бўлиб, улардан 5 нафари аввалдан сурункали касалликларга чалинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 49 нафарни ташкил этмоқда.

Аввал Тошкент шаҳри ҳудуди 24 мартдан бошлаб ёпиб қўйилгани, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилгани, шунингдек, интернет ва телефон алоқаси учун тўловлар кечикса, узиб қўйилмаслиги, мамлакатда деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилиши ҳақида хабарлар берилган.