Давлат мулки объектларида ижара асосида фаолият кўрсатиб келган ва карантин сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар ижара тўловидан озод этилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов 25 март, чоршанба куни, бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Унинг сўзларига кўра, 25 мартга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган, аммо карантин сабабли фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига 24 март санасидан бошлаб фойдаланилмаган давр учун ҳеч қандай ижара пули ҳисобланмайди.

Шунингдек, пандемия билан боғлиқ вазиятни юмшатиш мақсадида шу даврда инвестиция мажбуриятлари бажарилиши кечиктирилгани учун пеня ҳамда жарималар ҳисобланмайди ва мажбурият бажарилмагани учун шартномалар бекор қилинмайди. Инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, тадбиркорлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши муддатлари узайтириб берилади.

Бундан ташқари, давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан, харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса, инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўриб чиқилади.

Республика комиссиясининг топшириғига кўра, юзага келган карантин ҳолатида акциядорларга ҳам қулайликлар яратиб бериш мақсадида хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядорларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда, масофадан туриб овоз бериш орқали ўтказиш тизимини 1 ой ичида жорий этиш юзасидан ҳозирда агентлик томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур имкониятлардан фойдаланиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмаларига мурожаат қилиш лозим.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари билан +99871 2592258, +99871 2592138 рақамлари орқали боғланиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлари, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно), караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилди. 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри ва вилоятидаги барча буюм бозорлари ёпилди.

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш учун Инқирозга қарши кураш жамғармаси тузилди ва унга 10 триллион сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига кредитлар ва солиқлар бўйича бир қатор енгилликлар тақдим этилади.