Ўзбекистон Марказий банки коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискини юмшатиш бўйича қўшимча чоралар қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни юмшатиш мақсадида Марказий банк томонидан барча кредит ташкилотларига қуйидагилар тавсия этилади:

  • жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор — жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш;
  • муддати ўтган қарздорликларнинг кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик.

Шунингдек, кредит ташкилотларига юқоридаги тавсияларга асосан, шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар сифатининг таснифини ўзгартирмаслик ҳуқуқи берилди.

Ўз навбатида, жорий этилган карантин ҳолатидан келиб чиқиб, масофаланишни таъминлаш мақсадида кредит ташкилотларига қисқа муддат ичида кредит тўловларини кечиктириш масалалари бўйича мурожаатларни масофавий тарзда кўриб чиқиш тизимини яратиш чораларини кўриш тавсия этилади.

Шу билан бирга, Марказий банк жорий этилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, мижозлар томонидан ҳақиқатда молиявий аҳволи ёмонлашган ҳолатда кредит ташкилотларига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Марказий банк кассаларга келиб тушган нақд пулларни омборхоналарда бир ҳафта давомида алоҳида сақлашни, пластик карталардан фойдаланганда уларни спирт билан артиб туришни, коронавирусдан сақланиш учун нақд пуллардан камроқ фойдаланишни тавсия қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилиши маълум қилинди. Коронавирус сабабли зарар кўрадиган соҳалардаги корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш, туристик йиғимлар ундиришни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган.