Бугунги кунда энг долзарб масала бўлиб турган коронавирус техника оламига ижобий таъсирини ҳам кўрсатмоқда. Турли технологиялар томонидан пандемияни юмшатиш ва имкон қадар ечим сифатида берилаётган қатор таклифлар ҳақида «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов маълумот беради.

Коронавирус туфайли жаҳон бўйлаб миллионлаб кишилар уйда қолишга мажбур бўлмоқда. Вирус ҳар биримизнинг турмуш тарзимизга ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Коронавирусдан карантин вақтида йирик ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари ўзини қандай тутаётгани ҳақида эса дастлаб Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаевнинг телеграмдаги постида хабар топган эдик.

Фото: AFP

Ҳақиқатан ҳам коронавируснинг турли технологияларга кўрсатган таъсири унинг фонд бозори ва ижтимоий ҳаётга кўрсатган таъсиридан кам бўлаётгани йўқ. Бу мураккаб вазиятда турли технологиялар томонидан одамларга имкон қадар кўмак беришга қаратилган қатор ечимлар таклиф этилмоқда.

Хусусан, Хитойнинг ўзида авиарейс рақами киритилса, рейсда COVID-19 га чалинган бемор учганми ёки йўқми, аниқлаб берадиган сервис ишга туширилгани диққатга сазовордир. Одам эпидемия эълон қилинганидан яқин кунлар ичида самолётда учган бўлса, у билан бирга учган йўловчилар ичида вирус юқтирганлар борлиги эҳтимоли албатта мавжуд бўлади. Янги сервисдан фойдаланган ҳолда киши ўзи билан бирга учганлардан бирортаси инфекцияга чалинмаганини текшириб олиши мумкин. Ахир самолёт вирус юқтириб олиш эҳтимоли катта бўлган тор жой ва одамлар ҳақиқатан ҳам бу сервис орқали ўзлари учун муҳим маълумот олишаётгани бор гап.

SenseTime компанияси эса ниқоб таққан ҳолатда ҳам кузатув камералари одамни идентификация қила оладиган алгоритмни ишлаб чиққанини эълон қилди. Бу карантиндан яширинишга уринганларни аниқлашда ёрдам бериши керак эди. Ханчжоуда эса уй карантинида бўлиши зарур фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қизил белги қўйилмоқда. Хитойда ижтимоий тармоқлар ичида энг машҳури WeChat бўлиб, у орқали деярли ҳамма ижтимоий ҳаракатни амалга ошириш — автобус ёки поездга билет олиш, умумий овқатланиш муассасаларида ва дўконларда тўловларни амалга ошириш ва шунга ўхшаш яна кўплаб ҳаракатларни бажариш мумкин.

Фото: Reuters

Ханчжоу соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бирор шахс уйда карантинда бўлиши кераклиги белгиланган бўлса, унинг мессенжерларига қизил белги киритилмоқда. Ва у энди ҳеч қандай ижтимоий хатти-ҳаракатни амалга оширолмай қолади. Яъни унга автобус чиптаси сотилмайди, ошхоналарга киритилмайди ва ҳоказо. Шу орқали шахснинг ижтимоий масофаланишига ҳисса қўшиш мақсад қилинди. Бу тизим аҳолининг ялпи рақамли назоратга олиниши сифатида баҳоланиб, унчалик ҳам яхши қарши олинмаган бўлса-да, мураккаб эпидемиологик вазиятда муайян ижобий самара беришини кутиш мумкин.

Энг қизиғи, юзага келган вазият масофавий онлайн таълим соҳаси учун синовдан ўтиш ва ўзининг ижобий жиҳатларини исботлаб олишга шароит яратмоқда. Хитойнинг ўзида 100 миллиондан зиёд ўқувчи карантин туфайли онлайн таълим шаклига ўтказилди. Ҳатто машғулот пайтида жисмонан ҳозир бўлишни талаб этиладиган жисмоний тарбия сингари дарслар ҳам муваффақият билан уй шароитида ўтказилди ва ўқувчи болалар 100 метрга югуриш нормативларини квартира ичида югуриш орқали топширди.

Хитойда ўқувчилар уйда карантин сақлагани муносабати билан улар учун турли интернет платформаларида 426 хил онлайн дарсхоналар ташкил қилинди. «Яндекс» ҳам онлайн ўқитиш борасида ўз хизматларини ишга туширишни эълон қилди. Шуларни эътиборга олиб, қанчалик ғалати бўлмасин, COVID-19 коронавирус инфекциясини онлайн таълим платформалари учун «иркит ўрдакча» вазифасини ўтаб бераётгани ҳақидаги фикрлар бежизга юзага чиқмаётганини тушуниш мумкин.

Чжэнжоу шаҳридаги физика ўқитувчиси онлайн дарс ўтмоқда.

Фото: Sinxua

Бошқа технологиялар эгалари ҳам ҳукумат ва соғлиқни сақлаш ташкилотларига ҳамда оддий одамларга коронавирус даврида вазиятни имкон қадар юмшатишга хизмат қилувчи ўз сервисларини таклиф қилмоқда. Масалан, Microsoft асосчиларидан бири, жаҳоннинг энг бой кишиларидан бўлмиш Билл Гейтс томонидан молиялаштириладиган хайрия ташкилоти одамда коронавирус мавжудлигини уй шароитида аниқлаш имконини берадиган тўпламлар ишлаб чиқаришга киришди. Албатта, бу тўпламни сотиб олган одам ўзига ўзи COVID-19 га ташхис қўя олади дегани эмас. Балки ундаги йўриқномага асосан, одам ўз биологик материалини (шилимшиқ ёки бошқа нарсани) тўпламдаги нарсаларга йиғиб, ўзига яқин лабораторияга юборади.

Google ва Facebook эса АҚШ ҳудудидаги фойдаланувчиларнинг геолокациясига кўра улар турган ҳудуддаги инфекцион вазият ҳақида бохабар қилиши ва геолокация маълумотлари асосида потенциал хатарга эга беморларнинг ҳаракат йўналишини таҳлил қилиб, вирус тарқалишининг олдини олиш чораларидан бири сифатида кўриб чиқилиши учун тегишли идораларга тақдим қилмоқда. Ғарбда бу нарса шахсий маълумотлар конфиденсиаллигини бузиш сифатида салбий баҳоланаётган бўлса-да, эпидемиянинг оқибати янада аянчли бўлиб кетмаслиги учун бу ҳам жуда катта ёрдам бўлишини эътироф этиш зарур.

Ва ниҳоят, коронавирусга қарши курашда Apple таклиф этаётган ёрдам ҳам диққатга сазовордир. У AppleWatch орқали қондаги кислород миқдорини ўлчаш ва натижаларни соат эгасига ва яна эпидемиологияни онлайн мониторинг қилиш марказига юбориши мумкин. Бу ҳам шахсий биометрик маълумотларнинг учинчи тарафга ошкор этилиши билан боғлиқлиги туфайли Apple фойдаланувчилари орасида унчалик ҳам яхши кутиб олинди, деб бўлмайди.

Фото: Google Photos

Ўзбекистонда ҳам бу борада интернет тармоғида жуда катта тадбирлар, инсонийлик акциялари бошланиб кетди. Хусусан, бепул масофавий таълим платформаларидан Khan Academy ўз хизматларини таклиф қилмоқда, Hilol eBook дастурларида ҳам барча китоблар учун бепул юклаб олиш имконияти очилди, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таътил вақтида талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғида @eduuz_online лойиҳасини йўлга қўйди. Шунингдек, умумий овқатланиш муассасалари фаолиятининг карантин сабаб вақтинча тўхтатилиши муносабати билан кўплаб етказиб бериш хизмати вакиллари ўз сервисларини кенгроқ тақдим қилиш имконига эга бўлмоқда.

Юқорида саналганларнинг деярли барчаси коронавирус туфайли мажбуран юзага чиқаётган технологик ечимлар бўлса-да, улар пост-пандемик даврда ҳам ўзининг ижобий жиҳатларини сақлаб қолишига умид қилиш мумкин. Хусусан, масофавий таълим ва онлайн дарс платформаларининг шу баҳонада мислсиз ривожланиши кутилмоқда. Бу эса пост-пандемик даврга ўтиб, анъанавий таълим тизими учун жуда катта қудратли ёрдамчи ва рақобатчи сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин.

Умид қиламизки, ҳозирги мураккаб шароитда ўзбек ўқувчилари учун ҳам ташкил қилинаётган онлайн дарсхоналар, масофавий таълим платформалари вақтинчалик, хўжакўрсинга эмас, балки пухта ва мукаммал ишлаб чиқилади ва кейинчалик ҳам фарзандларимизнинг мустақил билим олишларида беминнат кўмакчи бўла олади.