24 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш бўйича штаб аъзоси Дониёр Алимов иштирокида ўтказилган брифингда «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига бир кунда 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йиғилгани ҳақида маълумот берилди.

Фото: «Kun.uz»

Дониёр Алимов ушбу маблағлар қаерга ишлатилиши ва сарф-харажат механизми қай даражада шаффоф бўлиши ҳақида «Kun.uz»га маълумот берган.

«Пул ўтказганлар орасида 10 минг сўм йўллаган фуқароларимиздан тортиб бир неча миллион сўмгача ўтказган давлат ва нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлар бор. Йиғилган бу маблағлар биринчи навбатда дори-дармон, тиббий анжомлар, дезинфекция, шахсий гигиена воситалари, касаллик профилактикаси бўйича тарғибот материалларига ишлатилади. Қурилишлар қилиняпти, қолаверса, ўша беморлар, карантиндагилар билан бевосита ишлайдиган шифокорларни рағбатлантириш кўзда тутилган.

Бу маблағлар ишлатилиши бўйича мунтазам ҳисоботлар бериб борилади, сарф-харажатлар устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилади», – дейди Дониёр Алимов.

Таъкидланишича, номини ошкор қилишни истамаган биргина ташкилот фонд ҳисоб рақамига 1 миллиард сўм маблағ ўтказиб берган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 24 мартдан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди, деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди, Умумий овқатланиш корхоналари фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда маҳаллий авиақатновлар ва республика бўйлаб поездларда йўловчи ташиш тўхтатилди. Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 50 нафарни ташкил этмоқда.