Карантин қоидаларига амал қилмай, ўзи раҳбарлик қилаётган чойхоналар фаолиятини давом эттирган икки қашқадарёлик, шунингдек, Қашқадарёдаги карантин ҳудудидан қочишга уринган наманганлик фуқаронинг ҳар бири 1,11 миллион сўмдан жарима тўлайдиган бўлди.

Наманган вилоятида яшовчи, Россиядан поезд орқали қайтгач Қарши шаҳридаги карантин объектига жойлаштирилган фуқаро М.А. 21 март, шанба куни, объектдан қочишга уринган вақти қўлга олингани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 21 мартдан ошхона ва чойхоналарни эпидемиологик вазият барқарорлашгунига қадар ёпиш ҳақидаги кўрсатмага қарамай, Қаршидаги «Колорадо» ва «Саховат» чойхоналари 21 март оқшомида ҳам ишлашда давом этгани аниқланган.

Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулованинг «Дарё»га маълум қилишича, икки чойхоначи ва карантиндан қочган фуқаронинг иши 22 март, якшанба куни, Қарши шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилган.

Судланувчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари (1 115 000 сўм) миқдорида жаримага тортилган.