Хитойда хантавирус оқибатида вафот этиш бўйича биринчи ҳолат қайд этилди, деб хабар беради Global Times.

Фото: News.sn

Юньнань провинциясида истиқомат қилувчи фуқаро чартер автобус билан қўшни провинцияга кетаётган бўлган. Фуқаро автобусда тўсатдан вафот этгач, шифокорлар унга хантавирусли кардиопульмонал синдроми ташхисини қўйган. Ушбу касаллик хантавирус номи билан машҳур вирус оқибатида юзага келади. Автобусда бўлган 32 нафар йўловчи карантинга олинган. Ҳозирда хантавирус билан касалланган бошқа беморлар ҳақида маълумот йўқ.

Хантавирус одамдан одамга юқмайди. Уни сичқонлар ташийди. Сичқон теккан озиқ-овқат маҳсулотлари ва айниқса сичқон ахлати хантавирус ташувчиси ҳисобланади.

Маълумот учун, наваҳо қабиласи ҳиндулари бу касалликни аввалдан билган ва уни айнан сичқон юқтиришидан ҳам хабардор бўлган. Ғарб тиббиёти бу вирусни айнан наваҳо ҳиндулари халқ табобати ёрдамида идентификация қилган. 1953 йилдаги корейс уруши вақтида ушбу вирус 3 мингга яқин аскарда кузатилган ва улардан 12 фоизининг ўлимига олиб келган касаллик ҳам айнан хантавирус туфайли келиб чиққани кейинчалик аниқланган.