АҚШ Конгресси Сенати COVID-19 коронавирус пандемияси шароитида АҚШ компаниялари, аҳолиси ва соғлиқни сақлаш тизимини иқтисодий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади.

Фото: iStoc

Meduza’нинг ёзишича, қонун лойиҳасида 2,2 триллион доллар ажратиш кўзда тутилган — бу АҚШ тарихидаги энг йирик ёрдам дастуридир.

Сенатда маъқулланганидан кейин қонун лойиҳаси Вакиллар палатасида кўриб чиқилиши керак. Сўнг ҳужжат уни дарҳол имзолашга тайёрлигини маълум қилган АҚШ президенти Дональд Трампга юборилади.

Қайд этилишича, АҚШда 26 март ҳолатига кўра, 69 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган. 25 март куни кечаси вирусдан вафот этганлар сони минг кишидан ошиб кетган.

Дунё бўйлаб эса коронавирус билан касалланганлар сони 471,5 минг кишига етган. Пандемия бошланганидан буён бутун дунёда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 21 минг кишидан ошиб кетди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 65 нафарни ташкил қилмоқда.