Вақт ўтиши билан ҳатто энг сифатли кийимлар ҳам эскиради ёки урфдан қолади. Исталган аёлнинг гардеробида анча пайтдан бери кийилмай ётган кийимлар топилади. Уларни ё ташлаб юбориш керак ёки муҳтожларга бериб юбориш керак.

Фото: Elle

«Уйга киярман» деб олиб қўйилган кийимлар

Қачонлардир қиммат нархга олган кўйлагингиз ёки кофтангиз сал эскирса, «уйга киярман» деб олиб қўясиз. Бироқ тан олинг, бу кийимлар ҳар доим ҳам уйда кийиб юриш учун ярамайди. Улар ноқулай ёки ўта ҳашамдор бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳамма кийимни ҳам «уйда киярман» деб сақлаб қўйиш, шкафни тўлдириб ташлаш тўғри эмас. Яхшиси, уни кимгадир бериб юборинг ёки жуда эскириб қолган бўлса, ташлаб юборинг.

 Сизга ярашмайдиган кийимлар

Ҳар бир аёл кишининг гардеробида катта чегирмаларга учиб, кийиб кўрмай харид қилган кийимлар етарлича топилади.

Уйга келиб, кийиб кўрганингизда эса кўйлак сизнинг қоматингизга умуман мос эмаслигини тушунгансиз. Қачондир озиш, семириш ёки кийиниш услубингизни тубдан ўзгартириш илинжида бундай кийимларни сақлаб ўтириш нотўғри. Унгача кийим урфдан қолади, эскиради. Шунинг учун яхшиси бу кийимларни синглингиз ёки дугонангизга бериб юборинг.

Ёшингизга тўғри келмайдиган кийим

Ушбу гуруҳга турли мултқаҳрамонлар суратлари ёки провокацион ёзувлар туширилган футболкалар, тошли кийимлар киради. Уларни ҳозир ҳеч ким киймайди. Шунинг учун агар сизда шундай кийимлар бўлса, улар билан хайрлашинг.

Синтетик кийимлар

Синтетик кийимлар қўрқинчли эмас, лекин агар сизнинг терингиз сезувчан бўлса, унда бундай кийимлар айрим муаммоларни келтириб чиқаради.

Айниқса полиэстердан тикилган кийимларни умуман киймаслик тавсия этилади. Чунки у намликни ўзига шимиб олмайди, бироқ ёқимсиз ҳидларни дарров ўзига олади. Унда тана умуман нафас олмайди. Қичишиш пайдо бўлади.

Таниқли брендларнинг логотипи туширилган кийимлар

Аксарият одамлар асл маҳсулот билан қалбакисининг фарқига бормайди. Chanel ёки Dior деб ёзилган футболкалар айнан шу брендга тегишли деб бўлмайди. Бунинг устига бренд номлари катта ҳарфлар билан ёзилган кийимлар аллақачон урфдан қолган, уларни ҳозироқ ташлаб юборинг.

Бир хил кийимлар

Шкафингизда бўш жой йўқ, лекин нима кийишни билмайсиз. Бешта бир хил ранг ва бичимдаги жинси шим ёки кофталар сизга нимага керак? Уларнинг ўзингизга ёққанини олиб қолиб, қолганини дугонангиз ёки синглингизга бериб юборинг.