Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 18 февралдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.

Қарор лойиҳасига кўра, институт маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш ва «Соғлом оила — соғлом жамият» ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этади. Шунингдек, у фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш билан шуғулланади.

Мазкур институт томонидан маҳалла ва оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепциялар, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асослари шакллантирилади.

Институт фаолияти қуйидаги манбалар асосида молиялаштирилади:

  • бинолар ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
  • Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
  • Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетлари маблағлари;
  • Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда «Нуроний» жамғармаси маблағлари;
  • хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан келиб тушган тушумлар;
  • халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Институт директори Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Директор ўринбосарлари институт директорининг тавсиясига асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Институт директори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазир ўринбосарига, директорнинг ўринбосарлари эса Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистон Президенти таклифига асосан, 18 февралдаги фармон билан ташкил этилди.