Италиянинг Буделли оролида ёлғизликда 30 йилдан ортиқроқ яшаган Мауро Моранди коронавирус сабаб ўзини ўзи изоляциялашнинг осон йўлини ўргатди. Италиялик эркак ёлғиз қолишга қўрқмаслик ва китоб ўқишни тавсия қилган, деб хабар беради CNN.

Фото: CNN

81 ёшли эркак Сардинияда жойлашган оролнинг назоратчиси. Уни 1989 йили Миландаги компания ёллаган. 14 олдин компания молиявий қийинчиликлар сабаб унга маош тўлай олмаган, бироқ эркак ёлғизликда яшашни давом эттирган.

Маҳаллий ОАВ уни италиялик Робинзон Крузо деб атайди. Моранди изоляцияда бўлишига қарамай янгиликларни кузатиб боради ва коронавирус пандемиясидан хабардор.

У оролда ўзини мутлақ хавфсизликда ҳис қилади. «Бу ерга ҳеч ким сузиб келмайди. Ҳатто узоқда ҳам бирор кема кўринмайди», — дейди италиялик.

Шу билан бирга, у яқинлари ва дўстлари Модена шаҳрида яшашини ва Моранди улардан хавотирда эканлигини маълум қилган.

Морандининг айтишича, у доим бирор юмуш билан шуғулланиб юради. Зерикадиган бўлса, оролни суратга туширади ва кадрларни 40 мингдан ортиқ обуначиси бўлган Instagram’даги саҳифасига жойлайди.

Фото: Instagram / Maurodabudelli

Фото: Instagram / Maurodabudelli

Унинг таъкидлашича, карантин — ўзни англаш учун ажойиб имконият.

Италиялик кўпроқ китоб ўқиш ва ёлғизликда қолишни маслаҳат беради. Морандининг фикрича, карантин сабаб одамларда ўз ҳаётини таҳлил қилиш ва уни янада яхшилаш имконияти пайдо бўлади.

Фото: Instagram / Maurodabudelli

Фото: Instagram / Maurodabudelli