Мадриднинг «Реал» клуби ёзги трансфер ойнасида етти нафар футболчиси билан хайрлашиши мумкин, дея хабар қилмоқда Mundo Deportivo.

Фото: Mundo Deportivo

Испания чемпионатининг 2019/20 йилги мавсуми коронавирус сабаб вақтинча тўхтатилди. Бироқ мадридликлар устози Зинедин Зидан ва клуб президенти Флорентино Перес келаси мавсум учун таркиб тайёрлашни бошлаб юборди.

«Қаймоқранглилар» айни дамда марказий ҳужумчи қидириш билан банд, аммо «Реал» ёзда барча чизиқларда ўзгаришлар қилади. Таъкидланишича, ҳимоячилар Марсело ва Альваро Одриосола, ярим ҳимоячилар Хамес Родригес, Лука Модрич, шунингдек, ҳужум чизиғи вакиллари Гарет Бэйл, Мариано Диас ва Лука Йович мадридликлар сафини тарк этади.

Нашрда қайд этилишича, «Реал» фақат дарвозабон чизиғи борасида хотиржам, шу сабаб Тибо Куртуа ўз жойини сақлаб қолади. Ижарадаги дарвозабонлар Андрей Лунин («Реал Оведо») ва Люка Зиданнинг («Расинг») жамоадаги келажаги номаълум бўлиб турибди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!