COVID-19 инфекцияси аниқланган креветкалар сотувчи аёл Ухандаги денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлиқ бўлган биринчи киши бўлган, бироқ у қачон ва қаерда касалланган, ҳақиқатан ҳам коронавирусга чалинган илк бемор бўлганми, ҳанузгача номаълум. «РИА Новости»нинг ёзишича, бу ҳақда Хитойдаги нуфузли газеталардан бири бўлган «Пэнпай»да маълум қилинган.

Фото: The Walt Street Journal

Денгиз маҳсулотлари бозори инфекция манбаи бўлганми ёки вирус бошқа жойга тушганми, деган мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Мутахассислар ҳозирча вирус билан касалланган дастлабки беморни аниқлай олмаган ва вирус ҳайвондан одамга қандай йўл билан, қачон ва қандай шароитда юққан бўлиши мумкинлигини аниқлай олмаган.

Газетада ёзилган маълумотларга кўра, «Хуанань» бозорида тирик креветка (майда қисқичбақа)лар савдоси билан шуғулланган Вэй фамилияли аёлнинг 2019 йилнинг 11 декабрида номаълум сабабларга кўра тана ҳарорати кўтарилган. Кейинчалик айнан шу аёл «Хуанан» бозорида COVID-19 билан касаллангани тасдиқланган биринчи бемор бўлгани аниқланган.

Ухань соғлиқни сақлаш комиссияси 31 декабрь куни касалланганларнинг биринчи гуруҳида 27 киши бўлганини маълум қилган (у пайтда беморларда пневмониянинг тез ривожланишига нима сабаб бўлаётгани номаълум бўлган). Касаллик одамдан одамга юқиши белгилари йўқлиги таъкидланган (вируснинг одамдан одамга юқиши январь ойида тасдиқланган). Газета ходимлари коронавирусга чалинганларнинг рўйхати нусхасини қўлга киритишга муваффақ бўлган. Унда 24 киши «Хуанань» бозорига алоқадорлиги ёзилган, улардан 4 нафари бир оиланинг аъзолари бўлган.

Вэй рўйхатдаги одамлар орасида биринчилардан бўлиб ўзида касаллик белгиларини аниқлаган. Аёл анча вақтдан бери бозор яқинидаги уйда ижарада турган. Унинг уйи билан иш жойи орасидаги масофа 500 метрдан узоқ бўлмаган. Иссиғи кўтарилган вақтда аёл уйининг биринчи қаватидаги шифохонага мурожаат қилган.

Аёл савдо билан шуғулланиши, шу сабабли уйда ётиб даволана олмаслигини айтган. Одатда, ўзини ёмон ҳис қилганида касалхонага бориши, битта муолажадан сўнг соғлиғи анча яхши бўлиб қолишини таъкидлаган. Бироқ бу сафар Вэйга иккита муолажа ҳам ёрдам бермаган ва у бошқа касалхонага мурожаат қилган. Улар ҳам аёлга ёрдам бера олмаган. Охири уйда ётиб, дорилар ичиб даволанишга қарор қилган. 16 декабрь куни Гуанчжоу фан ва технология университети қошидаги Wuhan Union Hospital касалхонасига мурожаат қилган

Газета журналистларининг аниқлашича, биринчи гуруҳдаги касалланганларнинг 11 нафари касаллик аломатлари пайдо бўлиши билан бозор яқинидаги эски уйларда жойлашган кичик шифохонларга мурожаат қилган. 23 декабрь куни газета ходимлари бозор ҳудудига борган ва коронавирус билан касалланган биринчи беморлар мурожаат қилган барча кичик клиникалар ёпиқлигини кўрган.

Рўйхатни ўрганиб чиққан журналистлар денгиз маҳсулотлари сотилувчи «Хуанань» бозорига бормасдан туриб касалланган Чэнь исмли эркак беморни аниқлашган. 16 декабрь куни унинг тана ҳарорати кўтарилган ва Ухань ташқарисида жойлашган Сзянся касалхонасига мурожаат қилган.

У шифокорларга компаниялардан бирида молиявий ишлар билан шуғулланиши ва уйидан 30 километрдан ортиқ узоқликда жойлашган «Хуанань» бозорига бормаганини айтган ва қаерда касаллик юқтириб олган бўлиши мумкинлигини тушуна олмаган. Қайд этилишича, унда вирус аниқлангани эълон қилинишидан аввал оила аъзолари ҳеч қандай ҳимоя чораларини кўрмаган, шунга қарамай ҳеч ким ундан вирус юқтириб олмаган. Унга касалхонада ҳамроҳ бўлган одам ҳам касалланмаган.

Эркак, шунингдек, касаллик аниқланмасидан ярим ой олдин фақат ишга қатнагани ва бошқа ҳеч қаерга бормаганини айтган ва вирусни ишга қатнаш вақтида йўлда ёки касалхонага борганидан сўнг юқтирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Ҳозирги кунда коронавирусга чалинганлар сони дунё бўйича 471,5 минг кишидан, қурбонлар сони эса 21 мингдан ошиб кетди. Вафот этганларнинг аксарият қисми Италияда — 7,5 минг киши. Испанияда эса вирус оқибатида вафот этганлар сони 3,6 мингга етган. Вирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Хубэй провинциясида ушбу кўрсаткич — 3,1 минг кишини ташкил этмоқда.