Хитойнинг Geely автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси ўзининг патентланган мутлақо контактсиз савдо тизимини ишга туширди. Харидорлар онлайн равишда нафақат машина моделларини танлаши, балки унинг калитини инсон иштирокисиз қабул қилиб олиши мумкин. Компания сайтида ёзилишича, калитларни дронлар етказиб беради.

Фото: Global.Geely

Geely бу каби тизимни янги турдаги COVID-19 пандемияси сабаб жорий этган.

Таъкидланишича, машина ўз эгасига етказиб берилишидан олдин дезинфекцияланади. Шунингдек, янги тизимга кўра, эндиликда автомобиль калити учувчисиз учиш қуриламалари ёрдамида харидорнинг эшиги ёки балконига олиб борилади.

Ҳозирча ушбу хизматдан Хитойнинг айрим провинцияларида истиқомат қилувчи истеъмолчилар фойдалана олади, бироқ келажакда бутун мамлакат бўйлаб ишга тушиши мумкин.

Geely маълумотларига кўра, янги тизим ишга туширилганидан буён 10 минг одам ундан фойдаланган. Яна 110 минг харидор яқин вақти ичида буюртма қилишга тайёр эканлигини билдирган.

Маълумотларга кўра, Geely автомобиль салонидаги ҳавонинг тозалигини таъминловчи тизимни, шунингдек, антимикроб материалларни яратишга 370 миллион юань (қарийб 52 миллион доллар) сарфлаган.