Ижтимоий тармоқларда бир нечта кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли кечки пайтда уйларининг деразасидан ички ишлар идоралари ходимларини олқишлаётгани акс этган видео тарқалди.

Видео изоҳида ёзилишича, бу ҳолат Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида тасвирга олинган. Тасвирда пост-патруль хизмати ходимлари хизмат машинасида кўп қаватли уйлар орасида юриб коронавирус бўйича карантин қоидаларига амал қилишни эслатаётгани акс этган. Мазкур кўп қаватли уйлар аҳолиси эса ўз хонадонларининг деразасидан қарсаклар ва ҳуштаклар билан ички ишлар ходимларини олқишламоқда.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида одамлар қарсак чалиб ва идиш-товоқ тақиллатиб, коронавирусга қарши курашаётган шифокорларни қўллаб-қувватлаган эди.