Коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилган.

Фото: «Дарё»

Хабарда, жумладан, шундай дейилади: «Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-(5)-модда билан тўлдирилди.

Унда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:

  • базавий ҳисоблаш миқодорининг 200 бараваригача (44 миллион 600 минг сўм) миқдорда жарима;
  • 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, интернет орқали тарқатиш:

  • БҲМнинг 200 бараваридан (44 миллион 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 миллион 200 минг сўм) миқдорда жарима;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Аввал Қашқадарёда карантин қоидаларини бузган икки чойхоначи ва бир «қочоқ» жаримага тортилгани, шунингдек, АОКАнинг Telegram канали эгаларига огоҳлантириш юборилаётганини изоҳлагани, агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджоновнинг коронавирус ҳақида ёлғон ахборот тарқатганларга қонунчиликда қандай жазо тайинланишини эслатгани ҳақида хабарлар берилган.