АҚШда ишсизлик нафақасини олиш учун берилган аризалар сони бир ҳафтада 11 баравар ошиб, 3 миллион 283 мингтага етди. Бу ҳақда мамлакат Меҳнат вазирлиги маълум қилган.

Фото: EPA

Meduza’нинг ёзишича, 14 мартда 282 мингта ариза берилган бўлса, 21 мартга келиб ишсизлик нафақасини олиш учун берилган аризалар сони 3 миллион 282 мингтага етган. Бу АҚШ учун тарихий рекорддир. Аввалги рекорд 1982 йилда бўлган ва унда аризалар сони 695 тани ташкил қилган.

Ишсизлик нафақасини олиш учун аризалар сонининг рекорд даражада кўпайгани коронавируснинг бизнесга таъсири ва у билан боғлиқ карантин чоралари билан изоҳланган.

Қайд этилишича, ишсизлик нафақаларини олиш учун аризалар кўпайганлиги ҳақидаги хабарлар фонида АҚШ доллари асосий валюталар саватчасига нисбатан тушиб кетди, аммо АҚШ фонд индекслари ўсмоқда.

Ишсизлик нафақасини олиш учун аризалар сони АҚШ меҳнат бозори ҳолатининг энг тезкор кўрсаткичидир.

Февраль ойида АҚШда ишсизлик даражаси сўнгги 50 йил давомида энг паст даражада бўлган ва 3,5 фоизни ташкил қилган. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, май ойида бу кўрсаткич 13 фоизга етиши мумкин — бу 1930 йилдан буён кузатилган энг юқори даражадир.

АҚШ 26 март, пайшанба куни, коронавирус билан касалланганлар сони бўйича Хитойдан ҳам ўтиб кетди. Мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 85 653 кишини ташкил этмоқда. Вирус оқибатида вафот этганлар сони 1178 кишига етган, 619 нафар бемор даволанишга муваффақ бўлган.