Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириб келишини тўхтатиш чораларини тўлақонли амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида 10 та ЙПХ маскани, 14 та блок ва тўсиқ постида ички ишлар ходимларнинг хизмат фаолияти кучайтирилган. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳри билан чегара ҳудудларидаги 14 та блок ва тўсиқ постларда ҳам ички ишлар ходимларининг фаолияти кучайтирилган. Тошкент вилояти ҳудудидан автотранспорт воситаларининг Тошкент шаҳрига кириб келиши мумкин бўлган 61 та айланма йўл аниқланиб, ушбу йўллар ёпилган.

Бундан ташқари, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида фаолияти тўхтатилган 21 та ЙПХ маскани ҳамда 60 та блок ва тўсиқ постларнинг фаолияти қайта ташкил этилган.

Ҳозирда жами 50 та ЙПХ маскани, 90 та блок ва тўсиқ постларда Ички ишлар органлари, Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари кучайтирилган тарзда хизмат олиб бормоқда.

Барча постларга Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг ходимлари жалб этилиб, транспорт воситаларини дезинфекция қилиш ишлари йўлга қўйилди ҳамда Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилди.

Вазир томонидан маълум қилинишича, карантин режими даврида хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш тузилган тезкор штаблар таҳлилларига кўра, жорий йилнинг 27 февралидан 27 мартига қадар Ўзбекистонга чегара орқали кириб келган жами 852 896 нафар фуқаро чегара хизмати ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик давомида эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 91 106 нафар шахс аниқланиб, яшаш манзили бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга юборилган.

Вазирнинг баёнотига кўра, бугунги кунда, карантинга олинганларнинг 25 595 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосаси асосида тиббий кузатувдан чиқарилган бўлиб, 65 511 нафари тиббий кузатувда қолмоқда.

Тиббий кузатувдаги шахслардан 15 335 нафари шифохоналарда, 50 176 нафари уй шароитида сақланмоқда. Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар, белгиланган қоидаларга риоя қилиши, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишининг олдини олиш ва аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, ҳар бир уйга Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари, шунингдек, маҳалла раиси ва тиббиёт ходимлари бириктирилган.

Махсус ажратилган даволаш ва бошқа муассасаларда карантинда сақланаётган, тиббий кузатувдаги шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилиши, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишининг олдини олиш мақсадида, ушбу масканлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар ва Миллий Гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.

Чет элда бўлган фуқароларни мамлакатга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида, бугунги кунга келиб, 20 та авиа ва 14 та темир йўл рейси орқали хорижий мамлакатларда бўлган 7 682 нафар фуқаро мамлакатга эвакуация қилиниб, 38 та тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.

Ўзбекистонда 27 март, жума куни соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди.

Аввалроқ ТошкентНаманганАндижонГулистонБухоро, СамарқандНавоий, Зарафшон шаҳарларига кириш-чиқиш чеклангани, 28 мартдан бошлаб Қарши шаҳрига кириш-чиқиш ёпилиши ҳақида хабар берилган эди. 24 март куни Қамчиқ довони бўйлаб транспорт ҳаракати тўхтатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқаролар сони 83 нафарга етди, улардан етти нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. 27 март куни тонгда Наманганда коронавирусга чалинган 72 ёшли аёл вафот этди — унинг ўлимига миокард инфаркти сабаб бўлгани айтилмоқда.