АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида пандемия шароитида морглар ишини енгиллаштириш учун кўчаларда музлатгичли юк машиналари ўрнатилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Reuters

Шаҳар морглари пандемия сабабли кўпайиб кетиши мумкин бўлган жасадларни қабул қила олмай қолган тақдирда, юк машиналари жасадларни ташиш билан шуғулланади.

«Биз соғлиқни сақлаш бўйича инқирозни бошдан кечиряпмиз, шаҳарда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди», — деб маълум қилган шаҳар маъмурияти вакили.

Шунингдек, Нью-Йоркда коронавирусдан вафот этганларнинг жасадларини сақлаш учун чодирлар ўрнатилмоқда.

Маълум қилинишича, чодирлар ва юк машиналари жами 3500-3600 та жасадни сиғдира олади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ 26 март, пайшанба куни, коронавирус билан касалланганлар сони бўйича Хитойдан ҳам ўтиб кетди ва мазкур кўрсаткич бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.