Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг ҳудуд бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 27 март куни соат 00:01 дан бошлаб Бекобод шаҳрига ҳар қандай транспорт воситалари (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт)да қўшни туманлар ва вилоятлардан кириш ва чиқиш тўхтатилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилган.

Фото: «Дарё»

Олмалиқда ҳам шаҳарга кириш-чиқиш тўхтатилган. Бекобод шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Бекобод шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга шаҳарга кириш учун, Бекобод шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда шаҳар ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан шаҳарда ҳудудларга бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

24 март, сешанба куни, Қамчиқ довонида транспортлар ҳаракати тўхтатилган, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига кириш ҳам вақтинча ёпилган, пойтахт Тошкент шаҳри эса 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб ёпиб қўйилган.