Ўрта Чирчиқ туманининг Ўртасарой ҳудудидаги янги тиббиёт клиникасининг даволанувчилари учун қурилган «палата»ларнинг биринчи партияси кетишга тайёр бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, контейнерларни тайёрлаш жараёнига 2 300 киши жалб қилинган бўлиб, ҳар бир контейнер уч кишига мўлжалланган. Ҳозирда 1600 та контейнердан иборат биринчи партия жўнатилишга тайёр. Битта контейнер ишлаб чиқарилишига тахминан 6-7 соат талаб этилади.

Контейнерларнинг том қисмига махсус изоляция материали ўрнатилган бўлиб, у контейнер ичида зарур микроиқлимни яратишга кўмак беради. Шунингдек, уларнинг ҳар бири ҳожатхона, душ ва кондиционер билан жиҳозланган.

Контейнерлар манзилга фойдаланишга тайёр ҳолатда етказилади. Фақатгина телевизорлар жойида ўрнатилади.

«Аҳамиятлиси шундаки, контейнерлар турли мақсадларда қўлланиш учун мос ҳолда ишлаб чиқарилмоқда ҳамда улар коронавирус инфекцияси устидан ғалаба қозонилганидан кейин ҳам ишлатилиши мумкин. Табиийки, санитар талаблар ҳам ёддан кўтарилмади: кириб-чиқаётган ҳар бир автомобиль иккита махсус машина ёрдамида дезинфекция қилиняпти. Ишчилар эса тепловизорларда текширилиб, гигиена воситалари билан таъминланяпти», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганларни даволаш ва карантин учун 10 га яқин шифохона қурилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 83 кишига етди. Мамлакатда коронавирусга қарши курашга 100 мингга яқин тиббиёт ходими сафарбар қилинган.