Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, мамлакат фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда уйидан ташқарига чиқиши чекланади.

Фото: «Дарё»

Мазкур чеклов хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларига тааллуқли бўлмайди.

Ўта зарур ҳоллардагина, яъни дорихона ва озиқ-овқат дўконларига бориш учун кўчага чиққанда, шахсий ҳимоя воситаси — ниқобда бўлиш шарт. Фуқаролар уйидан ташқарига ниқобсиз чиқса, қонунда белгиланган тартибда, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари (1 115 000 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.

Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масофа сақлаши шарт. Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу тақиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оила аъзоларига нисбатан қўлланилмайди.

Бундан ташқари, 27 март соат 10:00 дан эътиборан вилоятлараро транспорт воситалари (автобус, автомобиль, шаҳарлараро такси, авиа, темир йўл транспорти)нинг ҳаракати бутунлай тўхтатилади. Юк ташиш ҳоллари бундан мустасно. Бунда муайян ҳудудга таалуқли автотранспортларнинг (транзит) ўз ҳудудларига кириб боришига рухсат берилади.

Бундан ташқари, вилоятлар таркибидаги шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган 83 нафар фуқародан 23 нафари хорижда бўлиб қайтган, 60 нафар бемор эса улар билан мулоқотда бўлгани сабабли вирусни юқтириб олган.