Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 3649 та ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, карантин қоидаларини бузиш бўйича:

  • Тошкент шаҳрида — 476 та;
  • Тошкент вилоятида — 259 та;
  • Жиззах вилоятида — 415 та;
  • Бухоро вилоятида — 276 та;
  • Самарқанд вилоятида — 538 та;
  • Қашқадарё вилоятида — 11 та;
  • Сурхондарё вилоятида — 221 та;
  • Хоразм вилоятида — 52 та;
  • Сирдарё вилоятида — 53 та;
  • Фарғона вилоятида — 506 та;
  • Навоий вилоятида — 104 та;
  • Наманган вилоятида — 281 та;
  • Андижон вилоятида — 316 та;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 141 та ҳолат аниқланган.

Карантир қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Тошкент вилояти Зангиота тумани «Эшонгузар» ҚФЙда яшовчи фуқаро Ж.Р. тиббий кузатув остига олинганига қарамасдан, 25 март куни соат 12:00 да уйидан чиқиб кетганлиги учун Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан ушланган.

Шунингдек, Жиззах вилояти Бахмал тумани «Дўстлик» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро И. А. умумий овқатланиш ва кўнгилочар жойлар фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан 24 март куни соат 10:00 да ушбу ҳудудда жойлашган ўзига қарашли «Шашлик маркази» номли чойхонада 6 нафар мижозга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланган.

Бухоро вилояти Бухоро тумани «Чорбакр» МФЙда яшовчи фуқаро А.Ж. ҳудудий профилактика инспектори томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлишига қарамай 24 март куни соат 20:30 да ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчасидаги «Бек» кафесида 3 нафар мижозга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланган.

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Катта Тагоб» маҳалласида яшовчи ва ўз уйида карантинда сақланган, 21 март куни Қозоғистондан келган фуқаро Б.Т. 23 март куни соат 11:00 да уйига қариндошларини меҳмонга чақирганлиги аниқланган.

Юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланилган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётган аккаунтларни аниқлаш ва уларнинг эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганда жавобгарлик кучайиши тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонунга кўра, карантин қоидаларини бузганлик учун жазо кучайтирилди ва жарималар миқдори бир неча баробар оширилди. Юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев коронавирус масаласида Ўзбекистон халқига яна бир бор мурожаат қилди. Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус комиссия коронавирусга қарши карантин қоидаларига риоя қилишни сўраб мурожаат йўллади.

Ўзбекистонда 27 март куни соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди. ТошкентНаманганАндижонГулистонБухоро, СамарқандНавоий, Зарафшон шаҳарларига кириш-чиқиш чекланди ҳамда 28 мартдан бошлаб Қарши шаҳрига кириш-чиқиш ёпилади. 24 март куни Қамчиқ довони бўйлаб транспорт ҳаракати тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқаролар сони 83 нафарга етди, улардан етти нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. 27 март куни тонгда Наманганда коронавирусга чалинган 72 ёшли аёл вафот этди — унинг ўлимига миокард инфаркти сабаб бўлгани айтилмоқда.