Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси кенг миқиёсда тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 март, жума куни соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Ушбу чеклов чораси юк ташувлари билан шуғулланаётган автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан татбиқ этилмайди. Бироқ юк автотранспорт воситаларида ҳужжатларда қайд этилмаган шахсларнинг ҳаракатланишига ҳам йўл қўйилмайди.

«Жорий этилаётган вақтинчалик чеклов чораларини тўғри баҳолаган ҳолда унга сўзсиз амал қилишингизни сўраб қоламиз. Зарурат бўлмаганда, кўчага чиқмасдан, оила даврасида қолиш жуда муҳимлигини эслатиб ўтмоқчимиз», — дейилади вазирлик ахборотида.

Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг қўшимча қилишича, вилоятлараро ҳаракатланишга нисбатан чеклов чоралари нафақат енгил автотранспорт ва автобуслар учун, балки авиа ва темир йўл қатновлари учун ҳам амал қилади.

Аввалроқ Тошкент, Наманган, Андижон, Гулистон, Бухоро, Самарқанд, Навоий, Зарафшон шаҳарларига кириш-чиқиш чеклангани, 28 мартдан бошлаб Қарши шаҳрига кириш-чиқиш ёпилиши ҳақида хабар берилган эди. 24 март куни Қамчиқ довони бўйлаб транспорт ҳаракати тўхтатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқаролар сони 83 нафарга етди, улардан етти нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. 27 март куни тонгда Наманганда коронавирусга чалинган 72 ёшли аёл вафот этди — унинг ўлимига миокард инфаркти сабаб бўлгани айтилмоқда.