Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича икки мамлакатда кўрилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Тегишли идора ва ташкилотларнинг яқиндан ҳамкорлигида ўзаро амалий кўмаклашиш ҳамда аввало чегараолди ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятни назорат қилиш борасида олиб борилаётган ишлар мамнуният билан қайд этилди.

Пандемиянинг савдо-иқтисодий, энергетик, транспорт-коммуникация, маданий гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон—Туркманистон алоқаларига салбий таъсирини камайтириш бўйича фаол қўшма чора-тадбирларни давом эттириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар юзага келаётган барча қийинчиликлар ва янги хатарларни муваффақиятли енгиш, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорликка доир ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат раҳбарлари аввалроқ ҳам телефон орқали коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилган эди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев, Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан ҳам коронавирусга қарши кураш масалаларини муҳокама қилган эди.