Буюк Британияда сўнгги бир суткада 2510 кишида коронавирус аниқланди, бир кунда 260 нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

28 март соат 9:00 (Тошкент вақти билан 14:00) ҳолатига кўра, Буюк Британияда жами 120 776 кишидан таҳлил намуналари олинган, уларнинг 17 089 нафарида коронавирус аниқланган.

27 март куни 17:00 (Тошкент вақти билан 22:00) ҳолатига мамлакатда коронавирусга чалинган 1 019 бемор вафот этган. Бир сутка аввал жами касалланганлар сони 14 579 нафарни, вафот этганлар сони эса 759 нафарни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.

Испанияда эса сўнгги 24 соат давомида 832 киши коронавирус оқибатида вафот этди, мамлакатда коронавирус қурбонлари сони 5 690 кишига етди. Хабар беришларича, сўнгги бир суткада 8 189 кишида касаллик аниқланган.

Испанияда эпидемия бошланганидан буён жами беморлар сони 72 248 кишини ташкил этган. Қайд этиш жоиз, Испания коронавирус қурбонлари сони бўйича жаҳонда Италиядан сўнг иккинчи ўринда турибди.

Маълумот учун, 28 март Тошкент вақти билан 21:45 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 104 та ҳолат қайд этилган, икки бемор вафот этган.