28 март куни Қозоғистоннинг Кўстанай шаҳрида Chevrolet бренди остида UzAuto Motors автомобилларини йиғиш бошланди. Конвейерни Ўзбекистондан телекўприк орқали иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин тантанали равишда ишга туширди, деб хабар беради UzAuto Motors.

Фото: UzAuto Motors

General Motors компанияси UzAuto Motors билан биргаликда Cobalt (аввалги Ravon R4) оилавий седани, тижорий фойдаланиш учун Damas ва Labo ҳамда премиум синфига мансуб Malibu автомобилларининг янги моделларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди.

Фото: UzAuto Motors

Янги моделларни ишлаб чиқариш аввалроқ Ravon (Nexia R3) автомобили ишлаб чиқарилган «СариаркаАвтоПром» МЧШ қувватларида йўлга қўйилди. Барча маҳсулотлар General Motors компанияси томонидан белгиланган жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқарилади. Қозоғистонда энг машҳур саналган Ravon Nexia R3 автомобили ҳам эндиликда Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилади. Ушбу йўналишдаги кейинги қадам Chevrolet моделлари қаторини янги истиқболли TrackerTrailblazer ва бошқа автомобиллар билан тўлдиришдир.

Фото: UzAuto Motors

Фото: UzAuto Motors

Дастлабки босқичда ишлаб чиқариш ҳажми йилига 26 000 транспорт воситасини ташкил қилади, келгусида уни 100 000 донага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек ишлаб чиқаришнинг дастлабки йили давомида 13 000 та автомобилларни яқин хориж давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа 2020 йилнинг 26 февраль куни Урганч шаҳрида чегаралараро ҳамкорлик форуми доирасида Allur Group компаниялар гуруҳи ҳамда «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида ташкил этилган ҚК доирасида амалга оширилмоқда. Аввалроқ 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ташрифи чоғида «СариаркаАвтоПром» МЧШ ишлаб чиқариш қувватларида автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган. Ушбу давр мобайнида ички ва экспорт бозорларига мўлжалланган қиймати 85 миллион долларлик бўлган 11 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилган.