Коронавирус инфекциясини юқтириб олган 145-бемор иккинчи вафот этган эркакнинг 14 ёшли жияни. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев хабар берди.

Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, бемор Қарши шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Беморнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Шунингдек, беморнинг яқинлари ва бошқа фуқаролар саломатлиги ҳам қатъий назоратга олинган.

Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов «Дарё»га маълум қилишича, қашқадарёлик бемор вилоятнинг Чироқчи туманидан. У ота-онаси билан 16—21 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб, 20—21 март кунлари қариндоши — коронавирусдан вафот этган иккинчи беморникида бўлган.

«Беморнинг ота-онаси ва у билан мулоқотда бўлганлар карантинга олинди. Унинг ота-онасида касаллик аниқланмади», – дейди Нуриддин Эгамов.

Қўшимча қилинишича, бемор пойтахтга бориб-келишда шахсий автомобилдан фойдаланган. Бироқ вилоятга қайтгач, бемор билан кўпчиликни мулоқотда бўлган. Шу сабаб бошқарма аҳолини имкон қадар кўчага чиқмасликка чақирмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 145 нафарга етгани ҳақида хабар берилганди.