Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани кўриб чиқишга киришди, деб хабар беради палата матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

Парламент қуйи палатаси Кенгаши қарори билан Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳи вазифалари:

  • ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш;
  • қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш;
  • ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига ижобий ва салбий таъсирини батафсил ёритиб бериш;
  • ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг таъкидлашича, бу борада Вазирлар Маҳкамасига ҳам бир қатор вазифалар юкланган.

«Ҳукумат олдига аниқ вазифалар қўйилди. Чунончи, ишчи гуруҳини Ўзбекистонинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласига тааллуқли барча ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаши, заруратдан келиб чиқиб, фракциялар ҳамда қўмиталарнинг ушбу масала юзасидан ўтказиладиган мажлисларида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг иштирокини кафолатлаши белгиланди. Шу билан бирга, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва уларнинг хоҳиш-иродасига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ҳамда бизнес ҳамжияти ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш, унинг якунлари юзасидан таҳлилий маълумотларни тақдим этиш назарда тутилди.

Қуйи палатада ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ушбу маълумотлар билан бирга барча фракциялар ва қўмиталарнинг хулосалари ҳам олинади ва умумлаштирилади», — дейди Саидов.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев январда парламентга йўллаган мурожаатномасида ушбу масала ҳукумат томонидан парламент муҳокамасига киритилиши ва халқ вакиллари билан батафсил кўриб чиқилишини маълум қилган эди. Март ойининг бошларида эса Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилиши маълум бўлганди.