Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёевга «Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон лойиҳаси юзасидан ахборот берилди.

Лойиҳа давлат раҳбарининг топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ—5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ҳужжат пандемиянинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференсиялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.

Президент фармон лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди.

Фармон лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилиши маълум қилинди. Коронавирус сабабли зарар кўрадиган соҳалардаги корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш, туристик йиғимлар ундиришни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган. Шунингдек, жисмоний шахслар ва ЯТТларнинг кредит тўловларини қайтаришида ҳам имтиёзлар берилади.

Шавкат Мирзиёев 19 март ва 26 март кунлари коронавирус масаласида Ўзбекистон халқига мурожаат қилган эди.