Telegram мессенжерининг янгиланган — 6-версиясини тақдим этди. Унинг ёрдамида чатлар ва каналларни папкалар бўйича алоҳида гуруҳларга ажратиш мумкин, дейилади компания блогида.

Фото: WayToStart

Масалан, фойдаланувчи папкалар ёрдамида ишчи ва оилавий чатларни алоҳида ажрата олади. Фойдаланувчи маълум бир турдаги чатларнинг барчасини қўшиши ёки чиқариб ташлаши мумкин — «Каналлар» ёки «Ўқилмаганлар» каби.

Скриншот: Telegram

Мазкур функция диалоглар рўйхати жуда узун бўлиб кетганида ишга тушади, шунингдек, уни махсус буйруқ ёрдамида ёқса бўлади: уни қуйидаги ҳавола орқали активлаштириш мумкин.

Ҳар бир папкада чекланмаган миқдордаги чатларни «юқорига чиқариб» қўйиш мумкин.

Скриншот: Telegram

Диалогларни яшириш учун «Архив»га юборса ҳам бўлади. Архив чатидан огоҳлантириш келса, у яна кўзга ташланадиган бўлади. Огоҳлантириш ўчириб қўйилган чатлар янги хабарлар келгунига қадар архивда қолади.

Фойдаланувчи сичқончанинг чап тугмасини босиб архивни яширин қилиб қўя олади. Android қурилмаларда эса архивлаштириш учун чатнинг устига босиб туриш, шундан сўнг очилган менюдан архивни «қотириб қўйиш» ёки бошқа амалларни бажариш мумкин.

Скриншот: Telegram

Папкалар Telegram ўрнатилган барча қурилмалар билан, жумладан, десктоп дастурлари билан ҳам синхронизациялашади. Папкалар кўзга ташланиши учун компьютер дастурига ён панель ва бир неча белгилар қўшилган.

Скриншот: Telegram

Шунингдек, Telegram мингдан ортиқ обуначиси бор каналлар учун статистика менюсини ҳам қўшган. Масалан, канал эгаси каналнинг ўсаётгани ёки эълон қилинган постнинг самардорлигини кузата олади.

Скриншот: Telegram