Дональд Трамп мамлакат коронавирус пандемиясидан 1 июндан бошлаб тикланишни бошлайди, деган фикрда. Бу ҳақда АҚШ президенти матбуот анжумани вақтида маълум қилди.

Фото: Reuters

Унинг айтишича, энг ёмон кўрсаткичлар ёз ойи бошларида бўлиши кутилмоқда. 1 июнь санасини президент мамлакатнинг тикланиш жараёни бошланувчи «тоғ этаги» деб атаган. «Омад кулиб боқса, бу ундан ҳам аввалроқ бошланиши мумкин», — дея умид билдирган Трамп.

Куни кеча Оқ уй коронавирус тарқалишига қарши чоралар 30 апрелга қадар узайтирилишини маълум қилганди. Америка етакчисининг таъкидлашича, АҚШда коронавирус оқибатида вафот этиш ҳолатларининг энг юқори нуқтаси кейинги икки ҳафта давомида кузатилиши мумкин.

Трамп мамлакат аҳолисини ижтимоий алоқалардан тийилиш, масофадан ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш хизмати орқали сотиб олиш ва ўта зарур ҳолатларсиз кўчага чиқмаслик каби ҳукумат кўрсатмаларига қатъий риоя қилишга чақирди. «Қанча кўп ҳаракат қилсангиз, бу даҳшатли туш шунча тез тугайди», — дея қўшимча қилган Трамп.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ коронавирус билан касалланганлар сони бўйича Хитойдан ҳам ўтиб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан касалланганлар сони 142,5 мингдан ошган.

Аввалроқ Трамп коронавирус оқибатида 200 минг америкаликнинг ўлишини «яхши» сценарий деб атагани ҳақида хабар берилганди.