Америка ҳукумати ўзининг саъй-ҳаракати билан COVID-19 коронавирус инфекцияси оқибатида қурбонлар сонининг янада ортиб кетиши олдини олди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп матбуот анжумани вақтида маълум қилди.

Фото: Reuters

Трампнинг сўзларига кўра, Оқ уй ҳеч нима қилмаганида COVID-19 вирусидан 2 миллиондан ортиқ америкалик ўлиб кетган бўларди.

«Агарда ўлим сонини 100-200 мингга қадар қисқартира олсак, яхши ишлаган бўламиз», — дейди Трамп.

Шунингдек, у коронавирус тарқалишига қарши чораларни 30 апрелга қадар узайтириш бўйича топшириқ берган. Америка етакчисининг таъкидлашича, АҚШда коронавирус оқибатида вафот этиш ҳолатларининг энг юқори нуқтаси кейинги икки ҳафта давомида кузатилиши мумкин. Мамлакатнинг пандемиядан қайта оёққа туриши эса 1 июндан бошланади.

Аввалроқ АҚШда коронавирус сабаб фуқароларнинг ҳаракат маршрутини уларнинг смартфонлари орқали кузатиш бошлангани ҳақида хабар берилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан касалланганлар сони 142,5 мингдан ошган.