Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирус туфайли вафот этган 75 ёшли актёр Виктор Дашкевичнинг ўлими ҳақида изоҳ берди. Бу ҳақда «БелТА» ахборот агентлиги хабар берган.

Александр Лукашенко.

Фото: «БелТА»

Лукашенко Дашкевичда касаллик аломатлари кузатилганини қайд этди.

«Актёрнинг рафиқаси, қизи соғлом. Сабаби уларнинг иммунитети кучли. Бечора Виктор эса дош бера олмади. Оғир пневмония билан касалхонага олиб келинди, сунъий нафас бериш аппаратида ётди, шифокорлар уни қутқаришга ҳаракат қилишди», — деган Лукашенко.

Виктор Дашкевичнинг ўлими ҳақида 31 март куни эълон қилинган. Беларусь ОАВ актёрнинг коронавирусдан вафот этган мамлакатдаги биринчи машхур шахс экани ҳақида ёзмоқда. Беларусь Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ.

Виктор Дашкевич Витебскдаги Якуб Колас номидаги театрда ишлаган, у Беларусь Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонига эга эди.

Дашкевичда коронавирус борлиги 26 мартда тасдиқланган. Актёрнинг рафиқаси унда нафас йўлларининг сурункали обструктив касаллиги бўлганини айтмоқда.

30 март ҳолатига кўра, Беларусда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш бўйича жами 152 та ҳолат аниқланган.