Москва ҳукумати изоляция вақтида фуқароларнинг ҳаракатини кузатишга мўлжалланган қурилмаларни харид қилди, бироқ ҳали ундан тўлиқ фойдаланишни бошлагани йўқ. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, «Коммерсантъ» нашри хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Пойтахт мэрияси фойдаланаётган юзни таниш тизими NtechLab технология базасида ишлайди, бироқ ундан қисман фойдаланиш мумкин. «Карантин қоидаларини бузаётганларни кузатиш ишларининг аксар қисмини қўлда бажаришга тўғри келмоқда», — дейди суҳбатдош.

Тахминларга кўра, тизимга карантин қоидаларини бузган, COVID-19 билан енгил касалланган ҳамда уйда даволанаётганларнинг суратлари юкланади. «Тиббиёт ниқоби тизимнинг ишлашига халақит қилмайди: у инсон юзининг 40 фоизи ёпиқ бўлса-да, таний олади», — дейилади хабарда.

Москваликларнинг барчаси мониторинг тизимига юкланмайди. «Шаҳарнинг қувват ва техник жиҳатдан ҳеч қандай муаммоси йўқ, лекин бу можароларга чора кўриш томонидан ақлли қарор эмас», — дейди суҳбатдош.

Пойтахт ҳукумати, видеокузатув тизими билан уяли алоқа операторларнинг маълумотларидан фойдаланишни ҳам режалаштирмоқда.

30 март куни Москва мэри Сергей Собянин фуқароларнинг ҳаракатини кузатишга мўлжалланган назорат тизими ҳафта охирига бориб ишга туширилишини маълум қилганди.

Аввалроқ АҚШда коронавирус сабаб фуқароларнинг ҳаракат маршрутини уларнинг смартфонлари орқали кузатиш бошлангани ҳақида хабар берилганди.