Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Жаҳонгир Абдурасулов Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласида ўз фикрларини билдирди ҳамда иттифоққа аъзо бўлиш тарафдорлари тақдим қилган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлади.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Депутатнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши унинг жаҳон иқтисодиётига интеграллашуви қай даражада экани билан боғлиқдир. ЕОИИга аъзо бўлиб кириш бир поғона юқорига кўтарилиш бўлиб туюлиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг олдида бошқа муқобил йўллар ҳам бор: Шанхай иқтисодий ташкилоти билан ҳамкорликни кучайтириш, Марказий Осиё давлатлари ўртасида эркин савдо алоқаларини ўрнатиш ёки ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиш.

Жаҳонгир Абдурасуловнинг маълум қилишича, «Миллий тикланиш»нинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам миллий манфаатлардан ва партиянинг сайловолди вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги вазиятда ЕОИИга кузатувчи сифатида киришни таклиф қилмоқда.

Депутатнинг фикрича, иттифоққа аъзо бўлиш тарафдорлари томонидан тақдим этилган жуда ишончли кўриниши мумкин бўлган алоҳида кўрсаткич ёки ўлчовларга асосланган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак.

Қайд этилишича, ушбу масалага мамлакат иқтисодиётида муҳим рол ўйнайдиган компаниялар, соҳалар ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги нуқтаи назаридан ёндашиш лозим бўлади. ЕОИИга интеграллашув товарлар, хизматлар, меҳнат ва молиявий бозор эркинлигини беради.

Депутат ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мамлакат молия бозорига таъсири ҳақида ҳам фикрларини билдирган.

Унинг қайд этишича, бугунги кунда меҳнат бозорида таркибий ишсизлик мавжуд бўлиб, талабдан ортиқча таклиф этилаётган ишчи кучи хорижий мамлакатларга кетмоқда. Иқтисодиётнинг валюта оқими каналлари — олтин ва табиий бойликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари, хорижий кредитлар ва инвестицияларга боғланиб қолгани туфайли «голландча касаллик»ка чалиниш хавфи юқори бўлиб қолмоқда. Бунда хом ашё экспорти ва хизматлардан келадиган валюта тушуми иқтисодиётни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини оширишга тўсиқ бўлиб қолади.

Натижада реал алмашув курсининг ўсиши ва ички бозорда ишлаб чиқариш саноати маҳсулотларининг тақчиллиги импортга нисбатан босимни юзага келтириб, жорий тўлов балансининг беқарорлашувига олиб келмоқда. Натижада ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ташқи савдо ва тўлов балансига ҳамда миллий валюта барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«ЕОИИ бозорида Россия ўз глобал кун тартибини мутаносиб равишда амалга оширишга интилаётган йирик ва муҳим геосиёсий империя тизими бўлиб қолмоқда. Иқтисодчи Юрий Кофнер томонидан олиб борилган тадқиқотларда ЕОИИ молиявий бозоридаги вазият чуқур таҳлил қилинган. Унга кўра, ЕОИИ молиявий бозори етарлича ривожланмаган. 2017 йилда мазкур бозорда 661 та банк фаолият юритиб, уларнинг активлари 1,6 триллион долларни ташкил этган. Шундан 90 фоизи Россия банк тизимига тегишлидир. Суғурта соҳасида эса 73,7 фоиз компаниялар Россияга тегишли бўлиб, улардан тушган мукофотлар жами ЕОИИ мукофотларининг 92,2 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, Россия капитал бозорининг капитализацияси ЕОИИ бозори капитализациясининг 94,4 фоизини ва савдолар ҳажми эса 99,6 фоизни ташкил этади. Бу эса ЕОИИ молия бозорида ўйин қоидаларини Россия белгилашини билдиради. Биз бунга тайёрмизми?», — дея фикрини давом эттирган Жаҳонгир Абдурасулов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ташкилот доирасида молия бозорини назорат қилувчи ва миллий молия органларидан юқори турувчи органнинг ташкил этилмагани ушбу масаланинг долзарблигини йўқотади. ЕОИИда молия бозорини мувофиқлаштирувчи органнинг йўқлиги ҳуқуқий жиҳатдан унинг ваколатлари етишмаслиги ушбу бозорга инвесторлар томонидан ишончнинг тушиб кетишига олиб келади.

Депутатнинг хулоса қилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ўз иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилмиши лозим.

Аввалроқ Ўзбекистон парламенти Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласини ўрганишга киришгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида ушбу масала ҳукумат томонидан парламент муҳокамасига киритилиши ва халқ вакиллари билан батафсил кўриб чиқилишини маълум қилган эди. Март ойининг бошларида эса Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилиши маълум бўлганди.