Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлик ҳолатлари сони 8 тага ошиб, 158 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Ушбу инфекция 12 мартда Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган, асли навоийлик 2 кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди.

«Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволанаётган беморларнинг 22 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти ва бу рентгенологик текширувлар натижасида тасдиғини топган», — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорат давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида.

Ҳозирги пайтга келиб мазкур инфекция институт клиникасида даволанаётган беш нафар беморнинг аҳволи оғир, уларнинг икки нафарининг аҳволи эса нисбатан оғир деб баҳоланмоқда. Барча беморлар тегишли даволаш муолажаларини олмоқда. Ҳар бир бемор тиббий кузатув остида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 12 март куни Умра сафаридан Туркия орқали қайтган наманганлик аёлнинг коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда инфарктдан вафот этгани, унинг дафн маросимида бирорта ҳам қариндоши қатнашмагани ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, коронавируснинг иккинчи қурбони — Тошкентда вафот этган 39 ёшли шифокор касаллигини яшириб, ўзини уйда даволашга урингани, ундан қашқадарёлик 14 ёшли жиянига юққани, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган ўсмирнинг аҳволи ўрта оғирликда экани айтилган эди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда 31 март соат 10:00 ҳолатига кўра етти нафар бемор соғайган.