Россия пойтахти Москва шаҳри яқинида жойлашган Коммунарка аҳоли пунктидаги юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Денис Проценкода коронавирус аниқланди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «РБК»

«Интерфакс»нинг ёзишича, мазкур маълумотни тиббий муассаса тасдиқлаган. Айни пайтда бош шифокорнинг аҳволи қониқарли эканлиги ҳамда у ўзи раҳбарлик қиладиган шифохонада эканлиги маълум қилинган.

Meduza’нинг ёзишича, бош шифокорнинг касалланганлиги сабабли Коммунаркада қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилади.

Янги Москва округида жойлашган Коммунаркадаги юқумли касалликлар шифохонаси коронавирусга чалинганларни биринчи бўлиб қабул қилган тиббий муассасалардан бири ҳисобланади.

Россия президенти Владимир Путин 24 март куни мазкур шифохонага ташриф буюрган ва бош шифокор Денис Проценко билан мулоқот қилган. Владимир Путин мазкур шифохонага ташрифи чоғида сариқ ҳимоя костюми кийиб олган эди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бош шифокорда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирган ҳамда президентда доимий равишда текширув ўтказилиши ва унда ҳаммаси жойида эканлигини маълум қилган.

Аввалроқ Россияда коронавирусни юқори аниқликда аниқловчи тест ҳамда коронавирусга қарши кураш учун 3 турдаги дори ишлаб чиқилгани маълум қилинган эди. Москванинг барча аҳолиси учун уй шароитида изоляцияланиш режими жорий этилган.