Европа мамлакатлари Хитойда ишлаб чиқарилган бир неча юз мингта ҳимоя ниқоби ва коронавирусни аниқловчи тестларни сифатсизлиги сабабли қайтариб юбормоқда. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: NOS

Маълум қилинишича, Нидерландия фильтрларида нуқсони бўлган 600 мингта FFP2 респираторини қайтариб юборган. Шунингдек, яна 700 мингта ниқоб тиббий муассасаларга тарқатилмаслиги маълум бўлган.

Нидерландия касалхоналарида ниқоб етишмаслиги кузатилмоқда, шунинг учун улар ишлатилган ниқобларни стерилизация қилиб қайта ишлатишга мажбур бўлмоқда.

Нидерландия соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, сифатсиз ниқоблар билан боғлиқ муаммога барча давлатлар дуч келган.

Қайд этилишича, Бельгия Хитойдан етказиб бериладиган уч мингта ҳимоя ниқобини олишдан бош тортган.

Испания коронавирусни аниқловчи тўққиз мингта тест тўпламини олмаган. Уларнинг аниқлик даражаси 30 фоизни ташкил қилган. Унга қадар Испания тест, ниқоб, қўлқоп ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари учун 432 миллион евро сарфлашини маълум қилган.

Хитойнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, тестлар Shenzhen Bioeasy Biotechnology компанияси томонидан тайёрланган бўлиб, мазкур компания тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича Хитойнинг давлат лицензиясига эга эмас.

Таъкидланишича, Хитойда ишлаб чиқарилган тестлар аниқлик стандартларига мос келмаслиги сабабли Туркия ҳам бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Хитойнинг мудофаа саноати компаниялари томонидан бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари, юз учун фильтрловчи ниқоблар, тана ҳароратини ўлчовчи термометрлар Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида етказиб берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Хитойдан 200 мингта тест-системаси сотиб олди.