Фарғона шаҳрида карантин қоидаларини бузган ва ички ишлар идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган аёлга нисбатан беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида яшовчи Х.М. 29 март куни шаҳардаги деҳқон бозорида карантин қоидаларига риоя қилмасдан, жамоат жойида ниқоб тақмаган. Шунингдек, аёл бозорда бақир-чақир қилиб, тўпланган одамларни ўзига жалб қилган ҳамда ўз вазифасини бажариб, картошка сотилаётган жойда фуқароларга тушунтириш бераётган ички ишлар органлари ходимларининг хизмат бурчларини бажаришга қаршилик қилган.

Аёл фуқароларни ички ишлар ходимларининг талабларини бажармасликка даъват қилиб, оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган ҳужжатлар 30 март куни Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган. Х.М. маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54 ва 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги карантин вақтида содир этилган қоидабузарликлар статистикасини эълон қилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузган 289 киши 100 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди. Тошкент шаҳрида эса махсус рухсатномасиз автомобиль бошқараётганларга қарши рейд бошланган.