Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қўшни Қирғизистонга коронавирусни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами» шиори остида ташкил этилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тасарруфидаги «Қўрғонтепа дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатдаги фармацевтика корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги темир йўл станциясидан минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик ҳимоя комбинзони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системалар ортилган поезд қўшни республикага жўнатилди.

Инсонпарварлик ёрдами ортилган махсус эшелон Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига йўл олди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари телефон орқали коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ жорий эпидемиологик вазиятни муҳокама қилган эди. Коронавирусга қарши кураш бўйича ишларнинг самарали ташкил этилмагани сабабли 1 апрель куни Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ва бош вазир ўринбосари ўз лавозимларидан озод этилди.

Дунёда коронавирус тарқалишига қарши кураш бошланганидан буён Ўзбекистон Хитойга ва Эронга гуманитар ёрдам жўнатди. Ўз навбатида, Ўзбекистон мазкур пандемияга қарши курашиш учун Хитой, БАА ва АҚШдан ёрдам олди.