Ўзбекистонда коронавирус сабабли жорий қилинган карантин муддатининг қачон тугаши номаълум. Бу ҳақда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Унинг сўзларига кўра, карантин касалликнинг яширин даври учун белгиланган муддат ҳисобланади. Шунинг учун карантин даврини тугатиш масаласи энг охирги аниқланган бемор ҳам шифохонага ётқизилганидан 14 кун ўтгач, бошқа ҳеч кимда касаллик аниқланмаганига тўлиқ ишонч ҳосил қилингандан сўнг кўриб чиқилади.

Бош давлат санитария инспекторининг қайд этишича, карантин даврини тугатиш Республика махсус комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланган илк бемор аниқлангач, 16 мартдан барча таълим муассасалари ёпилди. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан халқаро транспорт алоқалари тўхтатилди.

Шунингдек, Наврўз сайллари ва оммавий тадбирлар бекор қилинди, умумий овқатланиш шохобчалари ёпилди. Мамлакатда ҳимоя ниқобида юриш мажбурий этиб белгиланди. Тошкент шаҳри ва бир қатор шаҳарларга транспортнинг кириш-чиқиши чекланди, вилоятлараро транспорт ҳаракати тўхтатилди. Бундан ташқари, шахсий автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланди, фуқароларга заруратсиз уйдан чиқмаслик тавсия этилди, кўчада 3 кишидан ортиқ одамнинг тўпланиши тақиқланди.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 173 кишига етди. Жами 12 киши касалликдан тузалди, 2 киши вафот этди.